Бир гуруҳ эронлик фуқаролар сохта паспорт билан Ўзбекистонга киришга уринди

Қайд этилишича, асли Эрон Ислом Республикаси фуқаролари бўлган мазкур шахслар Испания давлатининг фуқаролик паспортларини текшириш учун тақдим этишган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 дек - Sputnik. Бир гуруҳ эронлик фуқаролар сохта паспорт билан Ўзбекистонга киришга уринди, деб хабар қилди ДХХ Чегара қўшинлари матбуот-хизмати.

"4 декабрь куни Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг ҳужжатларни назоратдан ўтказиш вақтида ана шундай шахслардан 5 нафари қўлга олинган. Мамлакатимиз фуқаролари ва юртимизга кириб келаётган сайёҳларга Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан ўтиш бўйича муайян қонун-қоидалар тўғрисидаги тарғибот олиб борилишига қарамай баъзи бир шахслар томонидан қонунбузарлик ҳолатлари учраб турмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, асли Эрон Ислом Республикаси фуқаролари бўлган мазкур шахслар Испания давлатининг фуқаролик паспортларини текшириш учун тақдим этишган.

Натижада паспортларнинг қалбаки эканлиги маълум бўлган ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.