ТОШКЕНТ, 6 дек - Sputnik. Келгуси йилда Стокгольмда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда бугун Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари билан бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланишича, шу кунларда Бандлик ва меҳнат вазирлигида Швециянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ингрид Терсман билан учрашув бўлиб ўтди.
Швеция элчиси ҳозирда мамлакатда ўзбекистонлик нолегал меҳнат муҳожирлари сони кўпайиб бораётганлиги, шу боис, Швеция расмийлари уларни легаллаштириш чораси устида бош қотиришаётганини, мамлакатда Меҳнат вазирлиги расмий ваколатхонаси очилса, мақсадга мувофиқ бўлишини маълум қилган.
"Биз Швеция томонининг таклифини Ташқи ишлар вазирлигига етказдик. Келгуси йилда расмий ваколатхона очилишини режалаштирганмиз", - деди вазир ўринбосари Баҳодир Умурзаков.