Мактабда содир бўлган безорилик юзасидан ХТВ изоҳ берди

Уч ўқувчи бир болани дўппослаши акс этган видеодаги вазият ХТВ ҳамда вояга етмаганлар комиссияси томонидан ўрганилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 дек - Sputnik. Тошкент мактабларидан бирида содир бўлган безорилик юзасида ХТВ Sputnik мухбирига изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда мактаб коридорида уч нафар ўқувчи бир болани уриб, тепаётганлиги акс этган видео тарқалган эди. 

Тошкентда мактаб ўқувчилари фуқаронинг катта миқдордаги пули ва паспортини ўғирлашди

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби А.Умаров айтишига қараганда ушбу ҳолат 2 декабрь куни Шайхонтоҳур туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг бирида содир бўлган.

Мактабнинг 8-“Б” синф ўқувчилари синфда ўзаро жой талашиб, бир-бирини ҳақоратлаган ва танаффус вақтида мактаб биноси 3-қаватидаги ўтиш йўлагида уч нафар ўқувчи тўртинчи бирини аямай дўппослаган.

Айни дамда ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур туман халқ таълими бўлими, Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ инспекторлари мактаб маъмурияти ўқитувчилар ва ота-оналар ўртасида суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Шунингдек, безорилик содир этган ўқувчиларнинг ишини вояга етмаганлар комиссиясига тақдим этиш ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси бўйича жазолаш масаласи кўриб чиқилмоқда.