Labor migration – меҳнат мигрантларини ҳимоя қилади

Ўзбекистонда қабул қилинган Labor migration дастури – хорижда ишга кетган меҳнат мигранти ва унинг иш берувчиси орасидаги муносабатларини назорат қилиб туради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 дек – Sputnik. Ўзбекистонда чет элда ишламоқчи бўлганлар учун Labor migration электрон дастури жорий этилди, деди Меҳнат вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилмурод Исақулов Sputnik мухбирига АОКАда  бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

“Labor migration – меҳнат мигрантларини ҳимоя қилади. Хорижга ишга кетаётган ҳар бир фуқаро Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига келиб, ариза бериб рўйхатдан ўтса у давлат тасарруфида бўлади. Шундан сўнг давлат у ва иш берувчи орасидаги муносабатлардан хабардор бўлиб туради, ҳатто иш берувчи ҳисоботларини олиб текшириб туришгача боради”, - дейди вазирлик вакили.

Исақулов айтишига қараганда, Агентлик томонидан шу вақтга қадар Россияда ишлаган меҳнат мигрантларига 536 минг доллар берилмаган қарзлар ундириб берилди. Ушбу мураккаб ишни амалга ошириш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги  ваколатхонаси Россия Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ишлаган.

Қалбаки ҳужжатлар бўйича ўзбеклар Финландияда биринчи бўлди

Шунингдек вафот этган меҳнат мигрантлари яқинларининг аризалари кўриб чиқилиб, уларнинг маошлари ва суғурта пуллари ҳам марҳумнинг оиласига олиб берилган.

Шу ўринда мулозим бир неча ой олдин Финландиядан депорт қилинган 500га яқин ўзбекистонликлар иши борасида ҳам тўхталиб ўтди. Исақулов улар қалбаки диплом ва аттестатлар туфайли депорт қилинганини ва ушбу ишга вазирликнинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.