Ўзбекистонда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган ОТМлар рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Ўзбекистонда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган ОТМлар рўйхати тасдиқланди. Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори 3 декабрь куни қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан қуйидаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади: Самарқанд давлат чет тиллари институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент фармацевтика инситути, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Урганч давлат университети ва Тошкент темир йўл муҳандислари институти.

Ўқитувчиларни лицензиялаш тартиби қандай амалга оширилади - ХТВ жавоби

Мазкур ОТМларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техника базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган.

Қарорга кўра, ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган ОТМда тўлов-контракти асосида таълим олаётган талабаларнинг контракт тўлаш муддатлари томонлар келишувига кўра шартнома асосида белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан ОТМларининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилиги ва молиявий барқарорлигини инобатга олиб, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш белгилангани хабар қилинган эди.