Ҳиндистон Ўзбекистонга Афғонистон учун мутахассислар тайёрлашда ёрдам беради

Гап Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини тайёрлаш бўйича Таълим маркази базасида Афғонистон учун миллий кадрларни тайёрлаш ҳақида бормоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Деҳли шаҳрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Ҳиндистон бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Панкаж Саран билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Музокараларда Ҳиндистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Вижай Тҳакур Сингҳ ва ТИВ департаменти директори Дипак Миттал ҳам иштирок этишди.

Учрашувлар чоғида икки мамлакатнинг афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш йўллари, шунингдек, ушбу мамлакатда турли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон афғон аёлларини қўллаб-қувватлайди

Қайд этилишича, Ҳиндистон Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонни тинч йўл билан ривожлантириш борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирган. Суҳбатдошлар сўзларига кўра, Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал қилишда муҳим рол ўйнамоқда ва бунда аввало Афғонистон халқи манфаатларини илгари сурмоқда.

Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини тайёрлаш бўйича Таълим маркази базасида Афғонистон учун миллий кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳиндистон ушбу Марказда Афғонистонда энг кўп талаб этилаётган мутахассисликлар бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий маълумот ва ва малакали мутахассис бўлиш истагидаги 147 нафар афғонистонлик ёшлар Ўзбекистонга ташриф буюргани хабар қилинган эди.