Оналикнинг "қора бозори": Ўзбекистонда йил давомида 54 та чақалоқни сотишга уринишди

Ўзбекистонда содир этилган чақалоқ савдоси жинояти 2018 йил 10 ойида 54 та, шу йилнинг 12 ойига келиб эса 75 тани ташкил этган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 дек - Sputnik. Ўзбекистонда содир этилган чақалоқ савдоси жинояти 2018 йил 10 ойида 54 та, шу йилнинг 12 ойига келиб эса 75 тани ташкил этган. 2019 йил 10 ойигача бу кўрсаткич 57 тани ташкил этган.

Ўзбекистонда аёлларнинг суицидга қўл уришига нима сабаб бўлмоқда?

Бу ҳақда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи — Бахтиёр Бердиалиев 5 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган (“Хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган чора-тадбирлар ҳақида” мавзусидаги) матбуот анжуманидан сўнг Sputnik мухбирига маълум қилди.

“Чақалоқ сотиш ҳолатларига шахсан ўзим аввал тергов жараёнида учратганман, сабаби битта — у ҳам бўлса, ёш қизларимизнинг билиб билмай қўйган нотўғри қадамлари орқали юзага келади. Сўнг ундан қутулиш мақсадида чақалоқларни туғруқхоналарнинг ўзида, эшик остида ёки бегона жойда қолдириб кетиш, охирги чора сифатида сотиш ва Ўзбекистондан чиқиб кетиш ҳолатлари жуда ҳам кўп учраяпти. Шуни айтиш керакки, одам савдоси жинояти жуда оғир жиноят ҳисобланиб, бу бўйича Жиноят кодексининг 135-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган. Ушбу жиноятлар ҳақида ОАВларида батафсил ёритилиб борилмоқда. Шу боис ўйлайманки, ҳозирги кунга келиб, бу тенденция бир оз камайди” - дейди Бердиалиев.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари - Хотин қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи У.Абдуллаеванинг фикрига кўра, аксарият ҳолларда ҳаётда алданиб қолган, турмушидан ажрашиб, икки ва ундан ортиқ фарзанди билан оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар орасида ўз боласини сотиш ҳолатлари кўплаб учрайди.

Абдуллаева Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаш натижасида чақалоқ сотиш ҳолатлари 2018 йилга келиб 33 фоизга камайганини таъкидлади.