ТОШКЕНТ, 4 декабрь - Sputnik. Ўзбекистон 2019-2021 йилларда электроэнергетика секторини рақамлаштиришни режалаштирмоқда, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинадиган электроэнергия улушини 2030-2031 йилларга келиб тахминан 21 фоизга оширмоқчи.
4 декабрда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергетика инфратузилмаси соҳаси инвесторлари (“RENPOWER Uzbekistan 2019”) конференция ўтказилди.
Анжуманда таъкидланишича, 100 МВт дан бир неча фотоэлектрик лойиҳалар режалаштирилиб, 2021 йилда қуёш энергияси қувватларини 1 ГВт га етказиш ва уларни ишга тушириш кўзда тутилган.
Ҳозирги пайтда электр узатиш тизимидаги йўқотишлар 18%, тақсимлаш пайтидаги йўқотишлар эса 14% ни ташкил этмоқда. Электр узатиш линияларини модернизация қилиш эса кўп миқдорда инвестиция киритилишини тақозо этади.
Ўзбекистон энергетика секторини молиялаш ва унга инвестициялар киритиш бўйича узоқ муддатли бош режани ишлаб чиқмоқчи.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергияга оид асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчилар ва ишланмаларни яратувчилар учун асосий солиқ имтиёзлари жорий этилиши мумкин. Бундан ташқари, биомасадан энергия ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишни рағбатлантириш, 2030 йилгача энергияни тежаш дастурлари, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича жорий ва келгуси хатти-ҳаракатлар таҳлил этилди.
Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этилиши, 2019-2021 йилларда электроэнергетика секторини рақамлаштириш бўйича комплекс дастури ишлаб чиқилиши мумкин.