Эмомали Раҳмоннинг ўғли Тошкентда таклиф билан чиқди

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тошкентга ташрифи давомида ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов билан учрашди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали Тошкентга ташрифи давомида биргаликда футболни ривожлантиришни таклиф қилди.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Рустам Эмомали ташрифининг иккинчи куни Тошкентдаги Миллий стадионга борган.

Делегация аъзолари стадиондаги шароитларни кўздан кечириш давомида футболчилар ва томошабинлар учун яратилган қулайликлар билан танишишди.

Рустам Эмомали стадиондаги "Футбол тарихи" музейида бўлиб, ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов билан учрашган.

Эмомали Раҳмоннинг ўғли Тошкентда таклиф билан чиқди

Самимий руҳда ўтган суҳбат жараёнидан унга 7- рақамли футболка ва Равшан Эрматовнинг дастхати туширилган сариқ ва қизил карточкалар совға қилинган.

“Ўзаро мулоқот давомида Рустами Эмомали Осиё давлатлари орасида футболни янада ривожлантириш, Марказий Осиё футбол жамоалари ўртасида мусобақалар ташкил этиш фикрини билдирди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, тожикистонлик делегация аъзолари Учтепа туманидаги “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖга қарашли бўлган Иссиқхона мажмуаси билан ҳам танишган.

Хабарда жорий йилда 500 мингдан зиёд гуллар Тожикистонга етказиб берилгани ва бу ўсимликлар бугунги кунда Душанбе шаҳрини безаб тургани қўшимча қилинган.

Рустам Эмомали 2019 йилнинг апрель ойидан буён Марказий Осиё Футбол ассоциациясининг президенти ҳисобланади.