Қидирувда бўлган ўзбекистонлик Украинада қўлга олинди

Қўлга олинган 23 ёшли йигит вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилишда гумонланмоқда. Интерпол Тошкент шаҳар ИИББга 23 ёшли жиноятчини қўлга олишга ёрдам берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБ томонидан қидирувга эълон қилинган Ўзбекистон фуқароси Украинада қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилди.

Ўзбекистонда қидирувга берилган жиноятчи Россияда қўлга олинди

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига жиноятчини қўлга олишда Ўзбекистон ИИВдаги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги, шунингдек, Интерполдаги ҳамкасблари кўмаклашган.

Аниқлик киритилишича, 23 ёшли С.А. Ўзбекистон ЖКнинг 169-моддаси (“Ўғрилик”) ва 127-моддасида (“Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш”) кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Ҳозирда жиноятчи Тошкентга олиб келинган ва суд унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаган.