Тошкентда 12 та автобус йўналиши вақтинча ўзгарди

Метронинг Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичини қуриш ишлари доирасида ер ости ўтиш йўли барпо этилиши муносабати билан 12 та автобус йўналиши вақтинча ўзгарди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Тошкентда 12та автобус йўналиши вақтинча ўзгарди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, бунга Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичини қуриш ишлари доирасида ер ости ўтиш йўли барпо этилиши сабаб бўлган.

Декабрда Москва ва Санкт-Петербургга доимий автобус қатнови йўлга қўйилади

Аҳмад Дониш кўчасининг Янги шаҳар кўчаси кесишмаси орасидаги (Юнусобод бозори ёнида) 3 томонлама ҳаракатланиш йўли ҳамда Аҳмад Дониш кўчасининг (“Уч бақалоқ” кафесидан) Юнус ота кўчалари кесишмаси орасидаги йўллар 2019 йил 12 декабрга қадар вақтинча ёпилади.

Мазкур ҳудудлардан ўтувчи 5, 52, 60, 72, 82, 91, 96, 97, 140, 149, 152, 190-сонли йўналишлардаги автобусларнинг ҳаракат йўли вақтинча йўловчиларга қулай ва хавфсиз бўлган ёндош кўчалар орқали ўтказилади.

Хабарда йўналишларнинг ўзгартирилиши муносабати билан ҳаракат хавфсизлиги ва йўловчилар ташиш қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан ҳайдовчи ва чиптачилар ўртасида навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказилгани қўшимча қилинган.