Хива Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинди

Қарор Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Туркманистон вакиллари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 дек - Sputnik. Хива шаҳри 2020 йилда Турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилинди. Бу ҳақда Турксой Маданият вазирлари кенгашининг Ўшда бўлиб ўтган 37-йиғилишида маълум қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги хабар қилмоқда. 

Таъкидланишича, қарор Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Туркманистон вакиллари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланган.

Франция телеканалида Хива ҳақида видеоролик намойиш қилинди

Маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова Ўзбекистон тарафидан иштирок этган ва  бугунги кунга қадар ўзлигини сақлаб қолган Хива обидалари ҳақида сўзлаб берган.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммитида 2020 йилда Хива шаҳрини Турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилишни таклиф қилган эди.

Турк дунёси маданий пойтахти сифатида ҳар йили Туркий тилли давлатлар шаҳарларидан бири танлаб олинади. 2019 йилда бу мақомга Қирғизистоннинг Ўш шаҳри эгалик қилмоқда.  2012 йилда Остона шаҳри биринчи Турк дунёси маданий пойтахти бўлган.

Халқаро турк маданияти ташкилоти – ТУРКСОЙ туркий халқларнинг дўстлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, умумий турк маданиятини келажак авлодларга етказиш мақсадида фаолият олиб боради.