Канадада авиаҳалокатга учраган ўзбекистонликлар тўғрисида расмий маълумот берилди

Канадада кичик самолёт қулаши оқибатида икки ўзбекистонлик оила, жами етти киши қурбон бўлди. Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари учун элчихонада тезкор телефон рақами очилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Канадада авиаҳалокатга учраган ўзбекистонликлар тўғрисида расмий маълумот берди.

Канадада ўзбекистонлик учувчи бошқарган самолёт ҳалокатга учради

Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2019 йил 27 ноябрь куни Канаданинг Онтарио провинциясида асли ўзбекистонликларни ташиётган самолёт ҳалокати содир бўлган жой тегишли тузилмалар томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилган.

Қайд этилишича, самолётнинг барча парчалари пухта таҳлил қилиш учун Торонто шаҳридаги махсус текширув марказига етказилган. Айни пайтда Канада маъмурлари билан биргаликда ҳалок бўлганларнинг жасадларини аниқлаштириш ва уларни қариндошларига топшириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Элчихона Канада ТИВ ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари вакиллари, авиаҳалокатида вафот этганларнинг қариндошлари ва яқинлари, Торонто шаҳри ва Техас штатидаги (АҚШ) ўзбек диаспораси билан яқин алоқада бўлиб турибди.

“2 декабрь куни Ўзбекистон Элчиси Жавлон Вахабов Торонто шаҳрида Канада транспорт хавфсизлиги кенгаши вакиллари ва маҳаллий тергов идоралари билан учрашувлар ўтказади”, - дейилади хабарда.

Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари учун элчихонада тезкор телефон рақами очилган: +1 (202) 887-5300 (ички рақам 1), +1 (202) 251-8298 (мобил), шунингдек, consul.washington@mfa.uz электрон почта манзили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Канадада ўзбекистонлик учувчи бошқарган самолёт ҳалокатга учрагани жами етти киши қурбон бўлгани хабар қилинган эди. Улар орасида уч нафар вояга етмаган болалар ҳам бўлган.