“Мигалкали” махсус машиналарга йўл бермаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Махсус автотранспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишлари учун йўл бермаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. “Махсус автотранспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишлари учун йўл бермаганлик учун маъмурий жавобгарликнинг кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1285-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида” қонун лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

“Тез ёрдам” машинаси ўтиб кетишига халақит бериш учун жарима оширилади

Унда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1285-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилган:

“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишораларини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишига халақит бериши, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритишда тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторларда қайд этилган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда ушбу Кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади”.

Ҳужжат 12 декабргача муҳокама қилинади.