ТОШКЕНТ, 28 ноя - Sputnik. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Тошкентга келди. Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди, деб хабар қилмоқда УзА.
"Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевнинг таклифига амалий ташриф ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган", - дейилган хабарда.
Туркманистон делегацияси расмий кутиб олиш маросимидан сўнг хорижий делегациялар қароргоҳига йўл олди.
Хабарда айтилишига кўра, бугун Ўзбекистон ва Туркманистон президентларнинг учрашуви режалаштирилган. Учрашувда давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳалар ҳамда минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиши режалаштирилган.