ТОШКЕНТ, 27 ноя – Sputnik. Россияда такомиллаштирилган янги Т-5000 - ORSIS-375CT юқори аниқликдаги снайпер милтиғи муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Унинг нишонга олиш масофаси икки километргача оширилди. Бу ҳақда РИА Новости’га ORSIS қуроли ишлаб чиқариш корхонаси директор ўринбосари Владимир Злобин маълум қилди.
“Т-5000 янги версияси тайёрланди, калибри 375 Cheytac (9,5х77 миллиметр), синов муваффақиятли ўтказилди. 338-чи калибр яксон қилиш масофаси – 1500 метр, шу ерда икки километрга чиқамиз. Моделнинг номи - ORSIS-375CT”, - деди мутахассис.
Злобин сўзларига кўра, 2020 йилда Т-5000 милтиғининг янги моделини серияли ишлаб чиқариш бошланади, компания турли мамлакатлардан бу қуролга буюртмаларни олди.
ORSIS Т-5000 милтиғи – “Промтехнология" қурол заводида ишлаб чиқарилади. Бу янги снайпер қуроли ҳисобланади ва барча замонавий талабларга жавоб беради.
Яқин вақтгача бу милтиқ икки калибрда 308 Winchester ва 338 Lapua Magnum ишлаб чиқарилган. Қурол аксилтеррорчилик ва махсус снайпер бўлинмалар учун мўлжалланган.