ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. “Ўзсаноатқурилишбанк” Лондон фонд биржасида халқаро облигациялар чиқарди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги евробондлар инвесторлар томонидан юқори баҳоланди.
Вазирлик хабарига кўра, банкнинг 5 йиллик халқаро облигациялари учун илк даромадлилик ставкаси 6,50% этиб белгиланган. Купоннинг якуний ставкаси юқори даражадаги талаб сабаб 5,75%ни ташкил этди – инвесторларнинг буюртмалар ҳажми 1,2 млрд. долларни ташкил этди.
Халқаро облигацияларни чиқариш “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ўзи ҳамда JP Morgan, Citigroup, Commerzbank, Raiffeisen Bank банклари томонидан амалга оширлган.
Қайд этилишича, мазкур транзакция Ўзбекистон Республикасидаги ислоҳотларнинг, айниқса, банк тизими ислоҳотларининг халқаро инвесторлар томонидан ижобий қабул қилинганидан далолат беради.
Қолаверса, Ўзбекистон тарихида илк бора корпоратив халқаро облигациялар бошқа тижорат банклари ва корхоналар учун намуна бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг феврал ойида Ўзбекистон илк бор умумий қиймати миллиард доллар бўлган евробондларни жойлаштирган эди. Улар 500 миллионли икки гуруҳга бўлинган бўлиб, биринчисининг йиллик даромади 4,75% ва сўндириш муддати 2024 йил, иккинчисининг йиллик даромади 5,375 % бўлиб сўндириш муддати 2029 йилга белгиланган эди. Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов “Блумберг” агентлигига берган интервьюсида мамлакат бу йил яна бир партия евробондлар чиқариши мумкинлигини маълум қилган эди.