ЙҲХБ ходимлари билан жанжалдан сўнг сирли тарзда ўлган йўловчи иши ўрганилмоқда

Бош прокуратура “Ҳайдовчи Қорақалпоқда ДАН ходимлари билан жанжалдан сўнг сирли тарзда оламдан ўтди…” сарлавҳали мақола юзасидан баёнот берди. ЙҲХБ ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси 12 ноябрда А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу” йўналишида Н.Холиқов мурдаси топилганлиги юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бормоқда.

Аниқланишича, 12 ноябрь куни тахминан соат 22:00ларда Қўнғирот туманидаги божхона постида “Lacetti” ҳайдовчиси С.Ўриновни Қорақалпоғистон ИИВ ЙҲХБ 3-сафарбарлик гуруҳи инспекторлари тўхтатишган ва йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаси бузилганлиги ҳолати юзасидан баённома расмийлаштиришларини айтишган. Шу вақт автомашина йўловчиси О.Ҳусанов инспекторларни ҳақорат қилган.

ИИБда хизмат хонасида соғлиғи ёмонлашиб вафот этган шахс юзасидан расмий маълумот берилди

О.Ҳусанов инспекторлар билан жанжаллашган вақтида автомашина йўловчиси Н.Холиқов ушбу ҳолатни видеога олган. ЙҲХБ инспекторлари ундан видеога олмаслигини сўрашган.Н.Ҳолиқов эса ЙҲХБ инспекторлари телефонини олиб қўймасликлари учун автомашинадан тушиб қочиб кетган.

Бироз вақт ўтганидан сўнг, А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу” асфальт йўлининг 874-875-км.да Н.Холиқовнинг мурдаси топилган.

“Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳум Н.Холиқовнинг ўлими юрак қон томир етишмовчилиги оқибатида келиб чиққанлиги сабаб бўлган”, - дейилади хабарда.

Хабарда ҳолат бўйича ЙҲХБ ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинлангани ҳам қўшимча қилинган.