Термизда Туркия билан ҳамкорликда тиббий диагностика маркази очилди

Сурхондарё вилоятига қўшни Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг фуқаролари тиббий хизмат олиш учун келишмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. Термизда Туркиянинг “Kani-med” компанияси билан биргаликда замонавий тиббий диагностика маркази очилди, деб хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

“Марказ 300 турдан ортиқ лаборатория таҳлилларини бажариш имкониятига эга. Эндиликда, мурккаб лаборатория таҳлилларини бажариш учун Тошкентга боришнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, таҳлил жавоблари ҳам ўша куннинг ўзида фуқаронинг электрон манзили ёки мобил телефонига юборилади”, - дейилган хабарда.

Хабарда айтилишига кўра, қўшма корхона ташкил қилиш учун вилоят офтальмология шифохонасига қарашли бўлган бино инвестиция ва ижтимоий шартлар эвазига “Kani-med” компаниясига берилган. Шунингдек лойиҳага 2 миллион АҚШ долларига яқин инвестиция киритилиб 30 нафар янги иш ўрни яратилган.

Термизда Туркия билан ҳамкорликда тиббий диагностика маркази очилди

Янги тиббий муассаса очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эрлар иштирок этишган.

Маълумот учун, бугунги кунда Термизда тиббий туризм илдам ривожланмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятига қўшни Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг фуқаролари тиббий хизмат олиш учун келишмоқда. Шу сабабли сўнгги йилларда Термизда хусусий тиббий клиникалар сони 230 тага етган ва ушбу соҳага чет эллик инвесторлар ҳам қизиқмоқда.