Ўзбекистон Осиёнинг энг бой тарихий меросга эга мамлакати деб топилди

Маросимда Ўзбекистонда ЮНЕСКО Бутунжаҳон меросига киритилган бешта объект жойлашгани алоҳида қайд этилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Осиёнинг энг бой тарихий меросга эга мамлакати деб топилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, 22 ноябрь куни Куала-Лумпур шаҳрида Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири ўринбосари Муҳаммад Бахтиёр бин Ван Чик Ўзбекистон элчиси Равшан Усмоновга тегишли дипломни топширди.

“Titan Travel”: Ўзбекистон 2020 йилда саёҳат қилиш учун энг жозибали мамлакат

Тақдирлаш маросими йиллик маросим давомида бўлиб ўтган. Ғолиблар Малайзиянинг “Research House of Asia Media” компанияси томонидан ўтказилган Осиё минтақасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ижтимоий ва маркетинг тадқиқотлари натижалари асосида аниқланган.

Тақдирлаш маросимида Осиёнинг 20 дан зиёд мамлакатидан 1000га яқин киши иштирок этган.

Хабарда маросимда Ўзбекистонда ЮНЕСКО Бутунжаҳон меросига киритилган бешта объект жойлашгани қайд этилгани қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввароқ Ўзбекистон энг яхши маданий-тарихий туристик йўналиш сифатида эътироф этилган эди.