Оренбургдаги йирик ЙТҲда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлди

Россиянинг Оренбург вилоятида ичида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган микроавтобус юк машинаси билан тўқнашиб кетди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари Оренбург вилоятидаги мудҳиш йўл транспорт ҳодисасининг қурбони бўлишди.

Ҳодиса 24 ноябрь, якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 6:10 да Чистий посёлкаси яқинида содир бўлган.

Хабарда ёзилишича, Оренбург – Акбулак автомобил йўлида Hyundai минивэни ва юк машинаси тўқнашиб кетган.

Минтақа ФВВ хабарига кўра, автобусда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган.  Олти киши, жумладан, бир гўдак ҳалок бўлган. Уч киши жароҳат олган. Жароҳатлар олганлардан икки нафарининг аҳволи оғир.

Минтақа ИИББнинг РИА Новостига маълум қилишича, ЙТҲга микроавтобус ҳайдовчисининг номаълум сабабларга йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетиб, юк машинаси билан тўқнашиши сабаб бўлган.