ТОШКЕНТ, 23 ноя - Sputnik. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида мудҳиш авария оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Авария эрта тонг 03:00 ларда "Тошкент-Термиз М-39 йўли"нинг 977 километрида юз берган.
Йигирма икки ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги "Еpica" автомобили Термиз йўналишида олдинда ҳаракатланиб кетаётган 43 ёшли ҳайдовчи бошқарувида бўлган "Камаз" юк машинасининг орқа қисмига урилган.
Оқибатда "Еpica" ҳайдовчиси ва яна уч нафар йўловчи ҳодиса жойида вафот этишган.
Яна бир йўловчи турли тан жароҳатлари билан РШТИЁМ Жиззах филиали травмотология бўлимига ётқизилган.
"Камаз" ҳайдовчиси жароҳат олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 23 ноябр куни Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан (одамлар ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.