ТОШКЕНТ, 23 ноя - Sputnik. Кейинги, 2020-йилдан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилади. Энди уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилади, деб хабар бермоқда президент матбуот-хизмати.
Бунда давлат аҳолига ипотека кредитларини мақбул шароитларда бериш орқали уй-жойга талабни қўллаб-қувватлайди. Ипотека кредитлари бериш учун ресурслар миқдори банклар ва ҳудудлар бўйича чекланмайди.
"Уй-жой сиёсатида янги тизимга ўтаяпмиз. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуд раҳбари зиммасига масъулият ва жавобгарликни олиб, янги тизим бўйича турар жой қуришда ўз тажрибасини яратиши шарт. Энди ҳокимлардан қурилган уйлар сони эмас, қурилишга нечта салоҳиятли тадбиркорлар жалб қилингани, уларга қанча ер ажратилгани, инфратузилма тармоқлари яратилгани, уйлар сифати ва нечта одамни рози қилгани сўралади", – деган Мирзиёев.
Уй-жойларни қуриш ва реализация қилиш бўйича республика комиссияси жойларга чиққан ҳолда, қурилиш ишларини назоратга олиши зарурлиги таъкидланмоқда.
Ҳокимлар эски бино ва иншоотларни бузиш ҳисобига бўшаган жойларда уй қуриш масаласига алоҳида эътибор бериши шартлиги, компенсация пуллари тўланиб, мулк эгалари рози бўлмагунча бирорта кўчмас мулк бузилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат идоралари раҳбарлари нафақат ўзининг, балки давлатнинг ҳам шаънини сақлашга масъул экани, халқ билан, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда кибрга берилмай, вазмин ва оқилона, қонунга асосланган қарор қабул қилиши шартлиги таъкидланган.