Ўзбекистонда тадбиркорларнинг кўкрагига шамол тегади

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарор билан Ўзбекистонда тадбиркорлар учун ўрнатилган қатор талаблар бекор қилиниб, янги тартиблар жорий қилинмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 ноя – Sputnik. Шавкат Мирзиёев “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Қарор билан 2020 йил 1 январдан айрим талаблар бекор қилинади:

  • тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;
  • давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;
  • мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш.

2020 йил 1 февралдан бошлаб янги тартиб ўрнатилади:

  • экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади;
  • фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;
  • юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади;

2020 йил 1 октябрдан бошлаб янги тартиб:

Қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига уланиш “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бу тадбиркорнинг хоҳишига кўра унинг давлат хизматлари марказларига берган сўровномасига асосан бажарилади.

Маблағлар тадбиркорлик субъектлари фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан бир йил давомида ундириб олинади.

Қарор билан давлат органларига хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш тақиқланди.

Қарорга кўра, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузишсифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Бош прокуратурага хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, жазо муқаррарлиги, жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминланиши топширилган.