Сайлов комиссияси ижтимоий тармоқда тарқалган шубҳали хабарни ўрганади

Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўёки депутатлар орасида “ўлик жонлар” борлиги ҳақидаги хабарларни ўрганади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 ноя – Sputnik. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқларда тарқалган, партиялардан бирида икки йил олдин вафот этган киши номзод этиб кўрсатилгани ҳақидаги хабарларни ўрганиб чиқади, деб хабар қилди комиссия матбуот хизмати.

“Марказий сайлов комиссияси, бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир неча йил олдин вафот этган шахснинг депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинганлиги ҳақидаги таҳминий хабарларга муносабат сифатида бу маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш  юзасидан иш бошлаганини маълум қилади. Марказий сайлов комиссияси қисқа вақт ичида жамоатчиликка текширув натижалари ҳақида хабар беради”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бироз олдин ижтимоий тармоқларда “партиялардан бири таклиф қилган номзодлар орасида 2 йил олдин бу дунёни тарк этган дўстимнинг исми шарифи ва фотосуратини кўрдим”, деган хабар пайдо бўлган эди.  

P.S. Ушбу хабар тайёр бўлганда дастлаб шу хабарни тарқатган киши англашилмовчилик юз берганини ва депутатлар рўйхати тўғри эканини маълум  қилди.