ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралашида навбатдаги баҳсни Фаластинга қарши ўтказди.
Ўйиннинг 17-дақиқасида Ҳожиакбар Алижонов ўнг қанотдан оширган тўпни Элдор Шомуродов боши билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
57-дақиқада Одил Аҳмедов тўпни Элдор Шомуродовга узатди. Шомуродов тўпни моҳирлик билан тўхтатиб олди ва рақиб ҳимоячисининг хатосидан унумли фойдаланиб иккинчи гол муаллифига айланди. Бугунги баҳс 2:0 ҳисобида "оқ бўрилар" фойдасига ҳал бўлди.
Ўзбекистон саралаш доирасидаги Фаластинга қарши илк учрашувда 0:2 ҳисобда имкониятни бой берган эди. Бугун Шомуродовнинг дубль голи эвазига Ўзбекистон Фаластинни мағлуб этди.