ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги делегацияси Бирлашган Араб Амирликлари Федерал рақобатбардошлик ва статистика агентлигига ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.
Учрашув доирасида ҳар иккала давлатнинг “Doing Business” ҳисоботидаги натижалари таҳлил қилинди ва бу борадаги БАА илғор тажрибаси ўрганилди.
БАА Федерал рақобатбардошлик ва статистика агентлиги жамоаси томонидан “Doing Business” ҳисоботининг ҳар бир индикатори бўйича масъуллар билан амалий семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
“Doing Business”кўрсаткичларини яхшилашга таъсир этадиган илғор тажрибани ўрганиш ва уни амалиётга татбиқ қилиш юзасидан БАА билан ҳамкорликда йўл харита ишлаб чиқилди. Шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилган эди.