ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Тожикистоннинг Хатлон вилоятида отишма содир бўлди. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар қилмоқда.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, можаро 17 ноябрь куни кечки пайт Леваканд шаҳридаги Гулистон жамоатида рўй берган.
“Иккала томон ҳам травматик қурол қўллаган”, - дея ойдинлик киритган Тожикистон ИИВ.
Отишма вақтида бир киши травматик қуролдан яраланган. Отишма иштирокчиларининг сўзларига кўра, уларнинг травматик қурол учун рухсатномалари бор, дея қўшимча қилган ИИВ.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари воқеа тафсилотларини суриштиришмоқда. Хусусан, можаро сабаби ва унинг иштирокчилари аниқланмоқда.
Хатлон вилояти прокуратураси ҳам вазиятни назоратга олган.