Геология қўмитасига нефт ва газ конларини  қидириш топширилди

Ўзбекистонда углеводород хомашё геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини янада ошириш мақсадида соҳада жиддий ислоҳотлар татбиқ этилади - президент қарори.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда нефт ва газ конларини  қидириш янада жадал ва кенг қамровли равишда олиб борилади. Бу ҳақида президент 18 ноябр куни имзолаган янги қарорда айтиб ўтилган.

Хусусан, Энергетика, Иқтисодиёт ва саноат ва Молия вазирликлари ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Давлат геология қўмитасига қуйидаги функцияларни топшириш таклифлари қабул қилинди: 

  • янги углеводород хомашёси конларини очиш учун нефть ва газ истиқболли тузилмаларини аниқлаш ва тайёрлашга қаратилган илмий-тадқиқот, регионал геологик-тасвирлаш, геофизик ва бурғулаш ишларини олиб бориш;
  • республика углеводород хомашёси захираларини жадал ривожлантириш ва қайта тиклаш, янги углеводород хомашё конларини очишни таъминлашга йўналтирилган геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш ишларини ташкиллаштириш.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ 2019 йил якунига қадар Давлат геология қўмитасига илмий-тадқиқот ва геофизик ишларини олиб боришнинг амалдаги лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда барча мавжуд истиқболли майдонлар, инвестиция блоклари ва углеводород хомашёси конлари бўйича фонд ва бошқа материалларни тақдим этади.

Ўзбекистонда илк бор ер ёриш орқали нефт қазиш ҳажми оширилади

Ундан ташқари, 2020 йилдан бошлаб нефть ва газ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш йиллик давлат дастурлари доирасида етакчи хорижий консалтинг компаниялари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда, геология-қидирув ишларини ташкил қилишнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш чоралари амалга оширилади;

Нефть ва газ бўйича илмий-тадқиқот, регионал геологик-тасвирлаш, геофизик ва бурғулаш ишлари ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозлаш - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Қарор матни билан батафсил қуйида танишиш мумкин.