Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва журналистлар муаммоси ҳал бўлди

Ортиқхўжаев ва журналистлар орасидаги муаммога барҳам берилди. Kun.uz ҳокимнинг ушбу вазият юзасидан билдирган мулоҳазаларини қониқарли деб топди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 ноя – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва журналистлар орасидаги ўзаро тушунмовчиликка барҳам берилди, деб хабар қилмоқда Kun.uz.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистларни ҳақоратлаётгани, уларга таҳдид қилаётгани акс этган аудиоёзув, сўнгги кунларда  жамоатчилик орасида кенг муҳокама бўлаётган эди. Кеча, 17 ноябр куни шаҳар ҳокими ва Kun.uz жамоаси орасида учрашув бўлиб ўтди.

“Шуни расман маълум қилмоқчимизки, мазкур мулоқот якунига кўра сайт жамоаси ва пойтахт ҳокимлиги раҳбарияти ўртасидаги барча тушунмовчиликлар барҳам топди. Томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келди.

Сайт таҳририяти ҳокимнинг ушбу вазият юзасидан билдирган мулоҳазаларини қониқарли деб топади”, - деб ёзади нашр.

Хабар сўнгида Кун.уз блогерлар ва журналистлардан ушбу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраган.