ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида Ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси ташкил этилди.
Шўъбага қуйидаги вазифалар юклатилди:
- бузиладиган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш учун етарли ресурслар (маблағлар, ер участкаси ва бошқа мулк) мавжудлигини ўрганиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига киритиш учун бўлажак қурилиш объектининг лойиҳа ҳужжатларини тақдимот материаллари шаклида тайёрлаш;
- олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари билан очиқ муҳокамани ташкил этиш;
- ер участкаси олиб қўйилиши ташаббускори ва кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ўртасида тузилган, компенсация миқдори, тури ва бериш муддати назарда тутилган келишувлар ҳисобини юритиш;
- компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторингини олиб бориш;
- ер участкалари олиб қўйилиши, компенсация берилиши, кўчмас мулк объектлари бузилиши, шунингдек, олиб қўйилган ер участкасида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар киритиб бориш.
Зарур ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимликларида ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишлари бўйича бош мутахассис лавозими киритилиши мумкин.