ОТБ Ўзбекистонга ипотека кредитини ривожлантиришга 500 млн $ беришга тайёр

Сардор Умурзаков Осиё Тараққиёт Банки президенти Такэхико Накао билан ўзаро ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор  Умурзаков Осиё Тараққиёт Банки президенти Такэхико Накао билан учрашди. Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

ОТБ Ўзбекистонга миллий валютадаги облигацияларини чиқаришда ёрдам беради

Вазирлик хабарига кўра, учрашувда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўлган қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув ресурсларини бошқариш ва молия сектори бугунги кунда мавжуд салоҳиятни қамраб олмаслиги таъкидлаб ўтилди.  Шу сабабдан янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.

ОТБ президенти қўшимча инвестиция ресурсларини тақдим этиш орқали мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришларни комплекс қўллаб-қувватлаш учун ўзаро манфаатлар доирасини давом эттириш ва кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, ОТБ иқтисодий тартибга солиш ва ипотека кредити бозорини ривожлантиришга 500 миллион доллар ажратиши мумкинлиги маълум қилинди.