Норбоева Ўзбекистондаги одам савдоси бўйича маълумотларни маълум қилди

Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, бундай натижага аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида профилактик ва тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиши туфайли эришилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда  сўнгги икки йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 3,2 баробарга камайди. Бу ҳақда Сенати раиси Танзила Норбоева “Одам савдосига қарши курашишда судларнинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бундай натижага аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида профилактик ва тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиши туфайли эришилган.

“Шунингдек “мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида кўрилган чоралар натижасида биргина жорий йилнинг ўзида 250 нафарга яқин мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди”, - дея қўшимча қилди Сенат раиси.

Ўзбекистон одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши қандай курашади

Норбоева “Cotton Campaign”, “Human Rights Watch” каби халқаро ташкилотлар тавсияларини инобатга олиб, одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистон эгаллаган ўрнини яхшилашга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Сенат раиси хориждаги фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинганига ҳам урғу бериб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. 2019 йилда президент фармони билан Сенат раиси раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилган.