Моралес: Боливиядаги давлат тўнтарилишининг илдизи АҚШда

Боливиянинг собиқ президенти Дональд Трампнинг ўзини ўзи эълон қилган ҳукуматни тан олиш қарорини қоралади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 ноя - Sputnik. Боливиянинг собиқ президенти Эво Моралес Дональд Трампнинг ўзини ўзи эълон қилган ҳукуматни тан олиш тўғрисидаги қарорини қоралади ва унинг мамлакатидаги давлат тўнтарилишининг илдизи АҚШда эканини маълум қилди.

“Биз Трампнинг (АҚШ президенти Дональд Трамп – таҳр.) амалдаги ва ўзини ўзи эълон қилган ҳукуматни тан олиш қарорини қоралаймиз. Менинг боливиялик биродарларимнинг ўлимига сабаб бўлган давлат тўнтарилиши АҚШдан чиққан сисёсий ва иқтисодий фитна”, - дея ёзган сиёсатчи Twitter᾽да.

Аввалроқ АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Майкл Козак мамлакат мухолифатчи сенатор Жанин Аньесни Боливия президенти вазифасини ижро этувчи деб тан олишини маълум қилган эди.

Боливияда намойишчилар президент уйини ағдар-тўнтар қилишди - видео

Эво Моралеснинг сўзларига кўра, Вашингтон аввал Венесуэла халқига Хуан Гуаидо ҳукуматини зўрлаб ўтказди, энди эса Жанин Аньесни Боливия президенти деб тан олмоқда.

Боливия Конституциявий суди вақтинчалик президент ваколатлари Аньесга ўтишини қонуний деб топди. Шундан сўнг қатор давлатлар, жумладан, Бразилия, Колумбия, АҚШ ва Буюк Британия Жанин Аньесни Боливия президенти деб тан олди. Эво Моралес Мексика, Венесуэла, Куба ва Аргентинанинг сайланган президенти Альберто Фернандес томонидан қўллаб-қувватланди.

Боливиядаги давлат тўнтарилиши

20 октябрда бўлиб ўтган президент сайловларида Моралес биринчи босқичда ғолибликни қўлга киритди, лекин унинг асосий рақиби Карлос Меса овоз бериш натижаларини тан олмади. 10 ноябрь куни қуролли кучлар Моралесни мамлакатдаги барқарорликни таъминлаш учун лавозимини тарк этишга чақирди. Шундан сўнг у истеъфога чиқишини эълон қилди.

Мамлакатнинг барча олий раҳбарияти ҳам истеъфога чиқди, мухолифатчи вице-спикер Жанин Аньес ҳукуматни қўлга олди.

Боливиянинг собиқ президенти ва вице-президенти Мексикадан бошпана олди ва мамлакатдан Мексика ҳарбий ҳаво кучлари самолётида эвакуация қилинди. Шунингдек, Мексиканинг Ла-Пасдаги элчихонасида ўз хавфсизлигидан қўрққан 20 нафар Боливия амалдорлари ва депутатлари яширинди.