Ўзбекистон ЖСТга кириш ва Оролбўйи лойиҳаси учун Европа Иттифоқидан пул олади

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш ва Оролбўйи лойиҳасини амалга ошириш учун умумий миқдори 10 миллион евродан зиёд маблағ ажратди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 ноя – Sputnik. Европа Иттифоқи Ўзбекистон учун умумий миқдори 10 миллион евродан зиёд бўлган иккита грант ажратди.

ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Европа комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича Бош директори Коен Доенс мамлакатдаги иккита лойиҳани молиялаштириш тўғрисида битимларни имзоладилар:

  • “Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши" лойиҳасига 5 миллион евро;
  • “Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фондига Европа Иттифоқининг тараққиёт ҳиссаси" лойиҳасига 5,2 миллион евро.

ЖСТга кириш лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида, шу жумладан, зарур ҳужжатларни тайёрлаш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ЖСТ келишувлари ва халқаро савдо тизимига оид билимларини оширишда кўмак берилади.

Куни кеча Абдулазиз Камилов Ўзбекистон иложи борича тезроқ ЖТСга кириш тўғрисидаги музокараларни якунламоқчи эканини маълум қилган эди.