ТОШКЕНТ, 13 ноя – Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия етакчиси Таййиб Эрдўғонга 100 млрд долларлик савдо битими ҳамда Анқара С-400 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олгани учун унга қарши киритилиши керак бўлган санкциялар атрофидаги вазиятни ҳал қилишда ёрдам таклиф қилди. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар қилмоқда.
Нашрнинг манбаларига кўра, бу каби таклифлар Трампнинг ўтган ҳафта Эрдўғонга йўллаган мактубида билдирилган.
Газетада ёзилишича, Трампнинг ушбу таклифлари, эҳтимол, АҚШ конгресси аъзоларининг “жазавасини қўзийди. Чунки улар ўтган ойда Суриядаги ҳарбий амалиёт учун Анқарага қарши санкциялар киритишни қўллаб-қувватлашган эди.
Туркия президенти Таййиб Эрдўғон 13 ноябрда АҚШга ташриф буюради ва Дональд Трамп билан учрашиб, энг янги қирувчи самолётлар, Россия ва АҚШ мажмуалари С-400 ва Patriot’ни сотиб олишни ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.
Анқарага Россиянинг С-400 зенит-ракета мажмуалари етказиб берилиши Туркия ва АҚШ муносабатларига совуқчилик туширди. Америка Туркияга бир неча марта пўписа қилди. Бироқ Туркия бу таҳдидларга парво қилмасдан С-400 харид қилди. Эрдўғоннинг сўзларига кўра, Россия ЗРМ 2020 йилда тўлиқ ҳаракатга келтирилади.