ТОШКЕНТ, 11 ноя – Sputnik. Россия ва Хитой – бу Марказий Осиёнинг келажакка парвоз қилиши учун икки қаноти бўлиши мумкин, деди ШҲТ собиқ бош котиби, Тожкистон собиқ ташқи ишлар вазири Рашид Алимов. Sputnik мухбири хабарига асосан.
“Марказий Осиё давлатларига янги ўйин керак эмас. Уларга янги ривожланиш ва ҳамкорлик керак. Кўп йиллик тажрибага асосан шуни айтиш мумкин-ки, Россия ва Хитой Марказий Осиё давлатларининг энг ишончли ҳамкорларидир. Ушбу давлатлар Марказий Осиё келажакка парвоз қилиши учун икки ишончли қанот бўлиши мумкин”, - дейди Рашид Алимов.
Ҳудуднинг ривожланиши фақат ушбу ҳудуд ичида ва фақат анъанавий ҳамкорлик иштирокида содир бўлиши мумкин. Бугунги кунда Марказий Осиёнинг 5 давлати савдо айланмасида Россия ва Хитойнинг улуши ўртача ҳисобда 19-21% ни ташкил қилади. Яъни уларнинг ҳеч бирини ҳудудда “сўзсиз устуворлик қилмоқда” дейиш мумкин эмас.
Шу билан бирга, яна бир ижобий тенденцияни қайд этиш мумкин. Марказий Осиё ва Хитой савдо айланмасида Хитойга экспорт ҳажми ҳам ўсиб бормоқда. Бир неча йил олдин, аксарият савдо фақат бир томонлама Хитойдан импорт қилиш билан чекланар эди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ савдо айланмаси Россия ёки Хитойникидан кўра 10 баравар кам.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда 10-11 ноябрь куни Валдай клубининг “Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизлик қаршисидаги кўпқиррали ҳамкорлик” мавзусига бағишланган ўнинчи Осиё анжумани бўлиб ўтмоқда. Анжуманда 11та давлатдан (Россия, Ўзбекистон, Германия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон, Филиппин, Швеция, Япония) 60дан ортиқ етакчи экспертлар иштирок этмоқда.