Путин Сочида ўтган Валдай клубида Осиё ҳақида нима деган эди?

Россия президенти Владимир Путин Сочи шаҳрида ўтказилган анъанавий “Валдай” анжуманида Осиё давлатлари билан ҳамкорлик тамойиллари ҳақида фикр билдирар экан, дунёдаги янги тартибларга тўхталган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 ноя – Sputnik, Дилшода Раҳматова. Россия президенти Владимир Путин Сочи шаҳрида ўтказилган анъанавий “Валдай” анжуманида глобал муаммоларни энди Осиё мамлакатлари иштирокисиз ҳал этиш мумкин эмас, деб таъкидлаган эди.

Бу билан Россия етакчиси дунёдаги янги тартибларга таъриф берганди.

“Бугун шу нарса аниқ бўлмоқда-ки, глобал муаммоларни Осиёсиз ҳал этиш мумкин эмас. Албатта, инерция билан нимадир қилишга уриниш мумкин. Аммо глобаллик ва универсалликка даъво қилаётган бу каби қарорларнинг қонунийлиги, энг асосийси, қадри жуда шубҳалидир”, - деб таъкидлаган эди Путин.

Россия етакчиси ғайритабиий ва сирли Осиёга нисбатан ҳамиша қизиқиш бўлганлиги, Россиянинг осиё давлатлари билан муносабатлари характери бугунги кун талаби эмаслиги, балки тарихийлигига урғу берганди.

Валдай клуби аъзолари Самарқандда дунё етакчилари қарашларини таҳлил қиладилар

“Зиёлилар, ижодкор инсонлар орасида Осиё ҳамиша ўзгача ҳис-туйғуларни уйғотган, бироз сирли ва мистик туюлар, маънавий куч ва донишмандлик манбаи сифатида довруқ қозонган эди, эҳтимол уни охиригача тушуниш мумкин бўлмагандир, лекин унга нисбатан қизиқиш ҳамиша кучли бўлган”, - дея таъкидлаган эди Владимир Путин.

Эслатиб ўтамиз, “Валдай” музокаралар клубининг X Осиё анжумани “Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизликлар қаршисида кўпқиррали ҳамкорлик” мавзусида Самарқандда ўтказилмоқда.

Осиё ва Евроосиё мамлакатлари бугунги кунда бутун дунё ва минтақа тараққиётига дахлдор бўлган қатор чақириқлар олдида турибди. Ушбу чақириқларга хавфсизлик масалаларига ечим топиш ва минтақа мамлакатлари тараққиётига олиб келувчи узоқ муддатли мақсадларга эришишга қаратилган кўпқиррали ҳамкорликни фаоллаштириш билангина жавоб қайтариш керак. Ушбу устувор вазифаларнинг бирлашуви эса узоқ муддатли барқарорликка эришишда ёрдам беради ва минтақани негатив ташқи омиллардан ҳимоялайди. Самарқанддаги “Валдай” анжуманида бўладиган дискуссиялар шу мақсадларга эришиш йўллари муҳокама қилинади.