ИИВ Самарқанддаги ишчилар ўртасидаги оммавий жанжалга ойдинлик киритди

ИИВ айрим ижтимоий тармоқларда ҳодисани бўрттириб кўрсатиш, мамлакат фуқароларини миллатчиликда айблаш ҳамда ўзбек-турк муносабатларига совуқчилик тушириш мақсадида тарқалган хабарга муносабат билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. ИИВ Самарқанддаги ишчилар ўртасидаги оммавий жанжалга ойдинлик киритди.

ИИВ расмий баёнотида қайд этилишича,  айрим ижтимоий тармоқларда, бўлиб ўтган воқеани бўрттириб кўрсатиш, мамлакат фуқароларини миллатчиликда айблаш ҳамда ўзбек-турк муносабатларига совуқчилик тушириш мақсадида бўлиб ўтган ҳодисага гўёки “Турк ишчилари ошхонада ишлайдиган маҳаллий аëлни зўрлаганлиги оқибатида” ёки “Жанжал маҳаллий ишчиларнинг ўзлари ва туркларга айни иш учун берилаëтган ойлигидаги катта фарқидан келиб чиққан” деган важларни келтириш ҳолатлари кузатилган.

Воқеадан бехабар айрим фуқаролар эса ушбу важларга берилиб, салбий изоҳларни тарқалишига сабабчи бўлмоқдалар.

Самарқандда оммавий муштлашувда 3 нафар туркиялик жароҳат олди

Суриштирув жараёнида мазкур жанжал 1996 йилда туғилган Пайариқ тумани “Тохиршайх” маҳалласида яшовчи, якка тартибда мавсумий меҳнат билан шуғулланувчи Ўзбекистон фуқароси С.П. “Агромир Билдинг” МЧЖ  ёллаган қурувчи-монтажчи бир нечта Туркия фуқаролари билан оловда исиниш баҳонасидан келиб чиққанлиги аниқланган. Юзага келган жанжалга қурилишга ёлланган бошқа Ўзбекистон фуқаролари аралашиб, бир бирларига тан жароҳатлари етказилган.

Таъкидланишича, қурилиш ишларига 1800 дан кўп Ўзбекистон ҳамда 200 дан ошиқ Туркия фуқаролари жалб этилган.

Ушбу ҳолат натижасида Туркия фуқароларидан тўрт нафари ва маҳаллий фуқаролардан бир нафари енгил тан жароҳати олишган.

Ҳозирда Ўзбекистон ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Туркия фуқароларидан 4 нафари жабрланувчи, 11 нафари жанжалда иштирок этган фаол гувоҳ тариқасида ушбу жиноят ишига жалб этилган.

Шунингдек, 7 нафар Ўзбекистон фуқароларининг жабрланганлиги, жиноят ишидаги иштирокчилик ва айблилик даражасига тергов ҳаракатлари давомида тўлиқ аниқлик киритилади.

Хабарда ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти мутассади ходимлари томонидан ишчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бораётгани қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққанлиги тўғрисида хабар қилинган эди.