Ўзбек нонуштаси Халқаро кулинария чемпионатида ғолиб бўлди

Миллий этно-нонушта шартида Жазоир, Муғулистон, Руминия, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг моҳир ошпазлари беллашди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 нояб - Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтаётган “Лаззатли Ўзбекистон-2019”  халқаро кулинар чемпионатининг илк ғолиблари аниқланиб келиняпти. 

Дастлабки тур натижаларига кўра, гўшт, балиқ маҳсулотларидан таом тайёрлаш, карвинг ва этно-нонушта йўналиши бўйича илк мусобақалар ғолиблари аниқланди. Миллий этно-нонушта шарти бўйича  Жазоир, Муғулистон, Руминия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондан келган моҳир ошпазлар беллашди. Мазкур шартда тайёрланган 7 турдаги нонушта таъмлар уйғунлигидан ташқари,  таомлар хилма-хиллиги, тақдим этишдаги креативлик, тозалик каби мезонлар асосида хорижий ҳакамлар томонидан баҳоланди. Ҳар бир нонуштада турли таомлар, иссиқ чой,  ширинликлар, қуруқ мевалар тақдим этилди.

Ўзбек нонуштаси Халқаро кулинария чемпионатида ғолиб бўлди

Жазоир нонуштаси хурмодан тайёрланган турли ширинликлар ва дуккакли донлардан тайёрланган бўтқа ҳамда қаҳва билан олтин суви юритилган миллий нақшдаги чинни идишларда тортилган бўлса, руминияликлар турли хил мева ва мурабболар, қуритилган қўзичоқ гўштидан тайёрланган колбасалар, ловия ва бақлажондан тайёрланган икра, маҳаллий уч турдаги пишлоқ, тариқдан тайёрланган бўтқа билан миллий кашталар туширилган қизил дастурхонни безашди. 

Ҳинд, қозоқ ва мўғул нонушталари ҳам ҳайъат аъзолари томонидан алоҳида қайд этилди.

Қорақалпоғистоннинг ҳудудий нонуштасида қурут, жийда, дудланган балиқ, қуритилган мевалар, буғдой унидан тайёрланган ва сутга қўшиб истеъмол қилиш мумкин бўлган “ақсаллак” тақдим этилди.

Ўзбек нонуштаси Халқаро кулинария чемпионатида ғолиб бўлди

Ўзбек нонуштасида хўл ва қуруқ  мевалар, иссиқ қат-қат сомса, варақи, қуш тили, мурабболар, иссиқ нон, қаймоқ, новвот, гўштли ўрамалар миллий сопол идишларда, атлас ҳошияли дастурхон устига қайноқ кўк чой билан тортилди.

Ўзбек миллий нонуштасида сутли, гўштли маҳсулотлар, ҳатто вегетарианлар учун ҳам тановул қилиш учун егуликлар талай эканлиги ҳамда таомларнинг иссиқ тортилганлиги хорижлик ҳакамлар тарафидан алоҳида эътироф этилди.

Мусобақа натижасига кўра, румин ва ҳинд нонуштаси учинчи, қозоқ ва алжир нонуштаси иккинчи, ўзбек нонуштаси биринчи ўринни эгаллади.