ТОШКЕНТ, 7 ноя - Sputnik. Ўзбекистон фуқароларидан 480 000 кишига Россияга киришга таъқиқ қўйилган, деди Sputnik мухбирига Тошкент вилояти ИИББнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи подполковник Улуғбек Мирзоқамбаров.
“480 000 нафар Ўзбекистон фуқароларига Россия Федерациясига киришга таъқиқ қўйилган, лекин улар буни била туриб чегарани бузиб боришмокда. Фуқароларимизга ҳуқуқий саводхонлик етишмаяпти”, - деди ИИББ ходими.
Россия қонунчилигига кўра, икки ва ундан ортиқ марта маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйган хорижий фуқарога нисбатан Россия ҳудудига киришга 3 йил муддатга таъқиқ қўйилиши мумкин.
Агар хорижий ифуқаро, ушбу таъқиқни бузиб, Россия ҳудудига ноқонуний йўл билан кириб келишга уринса, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, янада қаттиққўл жазо чораси қўлланилиши мумкин.
Шунинг учун Россияга келишни режалаштираётган фуқаролар, биринчи навбатда Россия миграция хизматининг расмий сайтида ўзларига нисбатан таъқиқ қўйилганми йўқми текширишлари керак.
Ундан ташқари, фуқарога нисбатан Ўзбекистон ҳудудида ҳам хорижга чиқишни таъқиқловчи чоралар қўлланилган бўлиши мумкин. Масалан алимент, солиқ ёки кредитдан қарзлари бўлса. Буни МИБ сайтидан текшириб кўрса бўлади.