“Ҳукумат соати”: Интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон жаҳонда охиридан нечанчи ўринда?

Ўзбекистоннинг бутун ҳудудини мобиль алоқа тўлқинлари билан қамраб олиш ишлари қачон якунланади? Республиканинг тоғли ва чегара олди ҳудудларида, шунингдек, аҳоли кам истиқомат қилувчи қишлоқларда мобиль алоқанинг “дудуқлик касали”га қачон барҳам берилади?
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 нояб - Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида жорий йил 6 ноябрь куни ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар томонидан берилган кескин саволларга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Садиков жавоб қайтарди.

«Ҳукумат соати»да «Мамлакатда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари тўғрисида»ги масала кун тартибида бўлди.

Қайд этилишича, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида ўтган 9 ой мобайнида жами 7,9 трлн. сўмлик хизматлар кўрсатилган. Жумладан, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 546,6 млрд. сўмлик компьютер дастурлаш хизматлари кўрсатилган. Уларни экспорт қилиш ҳажми 102,5 млн. АҚШ долларни ташкил этган.

Инвестиция дастурига мувофиқ, жами 82,8 млн. АҚШ доллар маблағ ўзлаштирилиб, белгиланган режа 153 % га бажарилган.

“Ўзбектелеком” интернет тезлигини ошириш усулларини маълум қилди

Телекоммуникация тармоқларини янада ривожлантириш йўналишида оператор ва провайдерлар томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с ни, фойдаланилаётган сиғими 650,0 Гбит/с ташкил этган бўлиб, йил бошига нисбатан 48,1 %га ўсган.

Шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектларининг интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти кўрсаткичлари (халқ таълими (31%), мактабгача таълим (29 %) ва тиббиёт муассасалари (31 %) мамлакатдаги барча ижтимоий инфратузилма объектларининг сонига олиб қараганда жуда паст бўлиб, мазкур кўрсаткичларни кескин ошириш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш юзасидан таклифлар берилди.