Баҳодир профессионал рингда ўтказган барча жангларини нокаут билан якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йили Екатеринбургда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида энг оғир 91+ кг вазн тоифасида иштирок этган Баҳодир Жалолов жаҳон чемпиони бўлди.
Жалолов жанглардан бирида америкалик боксчи Ричард Торресни нокаутга учратган эди. Торрес жангдан сўнг шифохонага тушган эди. Жалолов шифохонада америкалик боксчи ҳолидан хабар олганди. Бу ҳолатни акс этган видео интернет фойдаланувчилари эътиборига тушганди.
Ҳаваскор боксда жаҳон чемпионати совриндори оғир вазнли чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалолов Sputnik Ўзбекистон нашрига берган интерьюсида ҳаёти, эришган ютуқлари ва келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди.
- Баҳодир, сиз учун бугунги кунда нима муҳимроқ – Токиодаги Олимпия ўйинларида қатнашиш учун саралаш босқичидан ўтиш ва иштирок этиш ёки навбатдаги профессионал жангми?
- Ҳозир мени биринчи мақсадим – Олимпия ўйинлари. Олимпия ўйинларида ғолиб чиқсам, кейин профессионалга тўлиқ ўтиш ниятим бор. Ҳозирча камар ҳақида умуман ўйламаяпман. Фақат Олимпияда ўйинларини ўйлаяпман.
- Профессионал рингдаги кейинги жанг қачон бўлади ва рақибингиз ким бўлади?
- Ҳозир ҳаваскор боксдамиз. Феврал ойида Хитойда Олимпиадага йўлланма берадиган турнир бўлиб ўтади – Осиё-океания турнири. Ўша турнирда қатнашаман, ким билан тушишим ҳозирча аниқ эмас: қозоғистонлик, кореялик, эронлик боксчилар бор. Ўша боксчилар билан тушамиз, деб ўйлайман.
- Рио шаҳридаги олимпия ўйинларида сиз Ўзбекистон жамоаси байроқдори бўлган эдингиз. Стадионда байроқ билан ўтганизда хис туйғуларингиз эсингиздами?
- Нима десам бўлади? Жамоа сардори бўлгандан кейин, масъулият жуда ҳам оғир бўлади. Ўшанда, олимпиада пайти 21 ёшда бўлганман. Жуда ёш эдим. Жуда хурсанд бўлганман, чексиз фахрланганман Ўзбекистон байроғини кўтариб чиққанимга. Яъни Ўзбекистон байроғи байроқдори вазифасини менга ишониб топширганлари учун. Лекин ишончларини оқлолмаганман. Худо хоҳласа, ваъда бераман, халқимизни ишончни оқлаб, Олимпияда ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, иншооллоҳ Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтаман.
- Ўзингизни ватанпарвар деб биласизми, ёшларга ўрнак бўлишни хоҳлайсизми?
- Бу мақтаниш эмас, лекин агар ёшларимиз бизлардан ўзларига нимадир олаётган бўлса, биз, спортчиларни кўриб ўзларига озгина бўлса ҳам мотивация олаётган бўлса мен жуда ҳам хурсандман. Лекин мен ҳали ҳеч нарса қилмадим бу учун. Ватаним учун амалга оширадиган ишларим кўп. Дейлик, Осиё жаҳон чемпионати, Олимпияда курашлари, кўплаб жаҳон чемпионатлари бор олдинда. Ўшаларда ғалабани қўлга киритсам, озгина бўлсада ватан учун нимадир қилган бўламан.
- Жаҳон чемпионатида мағлуб бўлган рақибингиз холидан хабар олиш мақсадида унинг олдига ташриф буюришингиз интернетда катта муҳокамаларга сабаб бўлди, айтингчи, бу сизнинг фикрингиз бўлганми ёки ташкилотчиларни?
- Очиғи, бу ҳақда хаёлдан ўтказганман, аммо махсус видео суратга олиб, уни чиқариш режада йўқ эди. Айтмоқчиманки, бу иш олдиндан режалаштирилмаган. Мен билан бирга борган ўртоғим ортимда туриб шу видеони олган экан. Кейин устозим кўриб қолиб, ижтимойи тармоққа қўйинглар, дея маслаҳат берди. Шу билан шу видео машҳур бўлиб кетди. Агар бу бошқа спортчиларга ўрнак бўлган бўлса, мен жуда ҳам хурсандман.
- Бокс – бу агрессив спорт тури ҳисобланади, сиз кундалик ҳаётда қандайсиз? Фильм кўриб йиғлашингизми ёки кичик мушук боласини кўрганизда қандай хиссиётларни хис қиласиз?
- Тўғри, ҳаётда жуда жаҳлдор инсонман. Жаҳлим тез. Мен буни яширмайман. Оилада битта ўғилман. Сингилларим ҳатто мендан жуда қўрқишади. Қараб ўтирмайман, қаттиқ гапириб юборишим мумкин. Ўшани учун ҳам ўйланаман, қанақа қилиб уйланарканман деб (ўзи ҳам кулади). Лекин ота-она ҳақидаги фильмларни кўрсам, ёки аёл кишини ҳаётда қийналиб қолганини кўрсам, йиғлаворгим келади. Кўпинча кечки пайт кўчада бўлганимда қизларни официантлик қилиб юрганини кўрсам чидолмайман, ичимдан эзиламан, уларга раҳмим келади.
- Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятинингиз кенг нишонланди ва давлат томонида сизга уй совға қилишишганди, шу уйга кўчиб ўтдингизми?
- Ҳали ремонт қилмадим, чунки тадбирлардан бўшаганим йўқ. Худо хоҳласа энди ремонт қилиб, кейин халқга ош берамиз. Уй тўй қиламиз, насиб қилса.
- Сиз учун нима кўпроқ фаҳрли - Олимпия ўйнларида чемпионлик ёки мутлақ профессионал ғолиб боксчи?
- Олимпияда, юқорида айтганимдек, ҳамманинг орзуси. Лекин профессионал боксда “Доктор железный кулак” лақабига эга Кличкодай ёки “темир” Майк Тайсондай боксчи бўлганга етмайди, деб ўйлайман, тўғриси. Профессионалда енгилмас бўлсангиз, олимпиада ҳам эсдан чиқиб кетади (кулади).
- Рақибларингиз сиз ва бокс мактабингиз ҳақида ҳурмат билан гапиришади. Бошқа давлатлардан жаҳон спортидан дўстларингиз борми? Ёки биринчи навбатда сиз ҳаммани рақиб деб биласизми?
- Албатта, дўстларим кўп. Кореядан яқин дўстим бор Хон Кью, 91 Осиё чемпиони бўлди. Тайланддан дўстларимиз бор. Россиядан ҳам дўстим бор – профессионал боксчи – Дмитрий Бивол, жаҳон чемпиони. Сергей Кузьмин бор. Мени профессионалдаги тренерим ҳам россиялик – Геннадий Юрьевич Машьянов. Улар мени жаҳон чемпионатидан олдин икки ой тренировка қилдирган ва улардан кўп нарсани ўргандим. Геннадий Юрьевич жуда ақлли мураббий.
Дўстларим орасида бири кичик вазнда, бири оғир вазнда. Шу боис улар билан рингда учрашиб қолиш эҳтимоли ҳатто йўқ.
- Шубҳасиз, спорт ҳаётингизнинг катта қисмини эгаллайди. Оила, болалар ҳақидаги фикрлар ҳақида ўртоқлашсангиз?
- Албатта, шундай хаёллар келиб туради. Ниятда бу. Худо хоҳласа Олимпиада ўйинларида олтин медал олиб, кейин уйланаман, деб ният қилганман. Иншооллоҳ шу кунларга етказсин.