Мирзиёев Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни бекор қилди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди.

Ўзгартишларга мувофиқ чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлик бекор қилинади.

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 224-моддаси чиқариб ташлансин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Бу модда Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутар эди.

Ушбу ўзгартишлар билан мазкур маъмурий қоидабузарликни содир этганлик учун жарима миқдори ҳам камайтирилган – энг кам иш ҳақининг беш бараваридан 20 бараваригача.

Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларининг бўлиш муддати узайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс белгиланган жаримани тўламаса, унинг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи бир йил муддатга чекланади ва у мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилади.

Ушбу қоидабузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса,  чет эл фуқаросининг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи уч йил муддатга чекланади ва у мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилади.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 30 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган. Маълум қилинишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатнинг туристик салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни тўла-тўкис юритилишига ҳуқуқий кафолат яратади.