"Ипак йўлидаги туризм" Халқаро ярмаркаси Ўзбекистонда бўлиб ўтади

Ярмарка доирасида иштирокчилар Шарқ бозори, “Ипак йўли мазаси” миллий таомлар фестивали, Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиларининг халқаро форуми, Шаҳрисабз халқаро миллий кийимлар фестивалининг тақдимоти каби тадбирлардан баҳраманд бўлишади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 ноя - Sputnik. Жорий йил 13-15 ноябрь кунлари Тошкентда “Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлидаги туризм” 25-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси  ўтказилиши кутилмоқда.

Тадбир “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасида миллий ва халқаро даражадаги иккита павильонда ўрин олади. Биринчи павильонда республика минтақаларининг миллий маданияти ва сайёҳлик салоҳиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи стендлар бўлса, иккинчисида – халқаро транспорт компаниялари, давлат ташкилотлари, дипломатик ваколатхоналар, Ўзбекистон ва ундан ташқарида жойлашган туристик ва курорт жойлар стендлари намойиш қилинади.

Туризм мавсумида “Регистон” мажмуаси ярим тунгача ишлайди

Ярмарка доирасида иштирокчилар Шарқ бозори, “Ипак йўли мазаси” миллий таомлар фестивали, Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиларининг халқаро форуми, Шаҳрисабз халқаро миллий кийимлар фестивалининг тақдимоти, ҳунармандлар учун маҳорат дарслари ва маҳсулотлар кўргазмаси, Ўзбекистон ва Россия биринчи сайёҳлик форуми ва шу каби бошқа тадбирлардан баҳраманд бўлишади.

Кўргазманинг ишчи қисмида ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам хорижий мамлакатларнинг туристик йўналишларига бағишланган бир қатор тақдимотлар бўлиб ўтади. “Туризм соҳасидаги инновациялар”, “Туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига бериладиган имтиёз ва преференциялар” мавзуларидаги тақдимотлар, “Ўзбекистоннинг расмий йўл кўрсаткичи” мобил иловасининг тақдимотлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

Туризм хизматлари экспорти 1 миллиард доллардан ошди – Аккулов

Тошкент халқаро туристик ярмаркаси – “Ипак йўлидаги туризм” – Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасининг туристик саноатидаги энг ёрқин, энг йирик тадбир.

Ярмарка 1995 йилдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти расмий кўмагида ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили кўргазмада дунёнинг турли мамлакатларидан туризм соҳасидаги мутахассислар тўпланади.