Ўзбекистоннинг 70 ёшли марафончи аёли: югуришсиз ҳаёт йўқ

Югуришни 5 километрдан бошлаган спортчи, вақт ўтиб, 10 ва 21 кмлик масофаларни ҳам "забт этади". 1983 йил Шаҳрисабзда эса 42 километрга югургач, Ўзбекистон тарихида биринчи марафончи аёл номига сазовор бўлган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 ноя - Sputnik. Югуриш - бу тана саломатлиги. Югуриш - бу яшаш, деди Самарқандда ўтказилган халқаро ярим марафон тадбири давомида Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда Ўзбекистоннинг биринчи марафончи аёли Людмила Музафарова.

"Соғлом бўлай десанг - югур!": Самарқанд халқаро ярим марафонининг ёрқин лаҳзалари

Етмиш ёшни қарши олган Людмила Музафарова еттинчи синфдан бошлаб енгил атлетика билан шуғулланган. "Тезликка қизиқишим кучли эди", дейди у.

Югуришни 5 километрдан бошлаган спортчи, вақт ўтиб, 10 ва 21 кмлик масофаларни ҳам "забт этади". 1983 йил Шаҳрисабзда эса 42 километрга югургач, Ўзбекистон тарихида биринчи марафончи аёл номига сазовор бўлган.

Музафарованинг айтишича, яқинда, сентябр ойи охирида Москвада ўтказилган марафон мусобақасида иккинчи ўринни эгаллаган ва орадан бир ҳафта ўтиб, Москва вилояти Королёв шаҳрида ярим марафон мусобақасида қатнашиб, биринчиликни қўлга киритган.

Айтишича, организми тўлиқ ўзини тиклаб олишга улгурмагани туфайли, Самарқанддаги халқаро хайрия ярим марафонида 10 кмлик масофага югуришга қарор қилган.

Ўзбекистоннинг етмиш ёшли фахрий спортчиси барча ёшларга спортга муҳаббатли бўлиш, меҳнатсевар ва тиришқоқ бўлишликни тилади. "Спорт бу соғлик, спорт - бу ҳаёт, спорт - бу ҳаракат. Югуринг, ҳаммадан биринчи бўлинг", дея хайрлашди у.