Туркиядан биринчи чартер парвози амалга оширилди

Туркиядан учиб келган биринчи чартер парвози йўловчилари орасида 100дан ортиқ журналист, блогер, турфирма вакиллари ва дин арбоблари бор.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 ноя – Sputnik. Кеча Бухорода Истанбулдан учиб келган биринчи чартер парвоз тантанали кутиб олинди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси.  

"31-октябрь куни эрта тонгда Туркиянинг "Atlasglobal Airlines" авиакомпаниясига қарашли Airbus-321 самолёти Истанбул-Бухоро йўналишидаги илк чартер рейсни амалга оширди. Самолёт Бухоро халқаро аэропортида вилоят ҳокимлигининг қатор мутасадди ташкилотлари вакиллари томонидан тантанали равишда кутиб олинди", - дейилган хабарда. 

“Қардош Ўзбекистонга келганимиздан жуда бахтиёрмиз. Туркиядан қарийб 25 нафар туроператор ва 100 га яқин меҳмон билан Истанбул-Бухоро биринчи чартер рейсида парвозни амалга оширдик. Туркияда Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, маънавиятини кўриб баҳраманд бўлиш учун бу ерга келишни истайдиган инсонлар жуда кўп", - деб  “Учбей” туристик компанияси раҳбари Муҳаммад Гулсереннинг сўзларини келтирган Қўмита.

Чартер рейснинг илк йўловчилари орасида туркиялик журналист, блогер, туристик фирмалар раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, қатор дин арбоблари ва олимлар бор. Айни дамда, меҳмонлар Бухоро вилоятининг қадимий ҳамда диққатга сазовор масканлари бўйлаб саёҳат қилишмоқда. Навбатдаги чартер рейс 4 ноябрь куни Истанбул-Самарқанд йўналишида амалга оширилиши кутилмоқда, дейилган хабарда.

Туркиядан биринчи чартер парвози амалга оширилди