“Ўзчармсаноат” уюшмасига экспорт ҳажмини 2 баробарга ошириш вазифаси қўйилди

Таъкидланишича, мамлакатда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик салоҳият бўлса-да, ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 окт – Sputnik. Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар кўриб чиқилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда экспорт таркиби, ташқи бозордаги талаб ва мамлакат корхоналарининг ундаги ўрни чуқур таҳлил қилинган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон экспортининг 50 фоизидан юқорисини ҳанузгача газ, олтин, кумуш, мис, рух, полиэтилен каби хомашёлар ташкил этаётгани, арзон хомашё мавжуд бўлган тармоқлар бўйича ишлаб чиқариш ва экспорт етарлича йўлга қўйилмаётгани кўрсатиб ўтилган. 

"Ўзчармсаноат" пойабзал импорт божини камайтиришга рози бўлди

Масалан, мамлакатда чарм-пойабзал экспорти бўйича камида 1,5 миллиард долларлик салоҳият бўлса-да, ҳозирда бу борадаги кўрсаткич 200 миллион долларга ҳам етмайди. 

“Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзчармсаноат” уюшмасига терини чуқур қайта ишлаб, аёллар пойабзаллари ва сумкалари, спорт анжомлари ва бошқа тайёр чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш вазифаси қўйилди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, йиғилишда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига экспортда тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича кўрсатмалар берилган.