ТОШКЕНТ, 31 окт – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Йиғилишда мамлакат иқтисодиётининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари, келгуси йилга мўлжалланаётган прогноз параметрлари, иқтисодиётга таъсир этиши мумкин бўлган ички ва ташқи омиллар чуқур таҳлил қилинди.
Халқаро экспертлар, хусусан Халқаро валюта жамғармаси жорий йилда жаҳон ялпи маҳсулоти ўсиши дастлабки прогнозга нисбатан 1 фоизгача камайиб, 3 фоиз бўлишини баҳолаган. Мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган давлатларда ҳам иқтисодий суръатлар сустлашган. Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб, иқтисодий урушлар давом этмоқда. Бу омиллар Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этмай қолмайди.
Президент макроиқтисодиёт ва давлат бюджети параметрларини ушбу хавф-хатарларни ҳисобга олиб белгилаш лозимлигини таъкидлади.
“Иқтисодиёт тармоқларини “оёққа турғазиш”, рақобатбардош қилиш учун кейинги икки йилда уларга барча имкониятлар берилди. Бироқ, бу имкониятлардан фойдаланиб, қайси тармоқ меҳнат унумдорлигини оширди, маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши ва экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши кўпайишини таъминлай олди? Афсуски, бирорта тармоқни бугунги кунда “зўр ишлади ёки юқори натижа берди”, деб айта олмаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Иқтисодиёт тармоқларидаги тизимли муаммолар, инфляция даражасининг 16 фоиздан пасаймагани аҳоли тўлов қобилиятига салбий таъсир этаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Асосий вазифамиз – халқимизга муносиб иш ўринлари яратган ҳолда, даромадларни ошириш. Жойларда иқтисодий фаол аҳоли кўп. Одамларимиз даромад топиб, турмуш шароитини яхшилаш учун меҳнат қилишни хоҳламоқда. Бунинг учун аҳоли тўлов қобилиятини ошириш ва бозорда маҳсулотларга барқарор талаб шакллантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашимиз керак, – дея таъкидлади давлат раҳбари.
Мисол учун, қандолат, тайёр сут ва гўшт маҳсулотлари, шарбат ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича 100 дан зиёд муҳим инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида истеъмол талаби қондирилиб, инфляция меъёрлашиши мумкинлиги қайд этилди.
Озиқ-овқат, гўшт, ун ва қандолат маҳсулотлари, кийим-кечак, чарм-пойабзал, электротехника, фармацевтика ишлаб чиқариш ҳажмини 2020 йилда сезиларли кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Инфляция даражасига таъсир этаётган яна бир омил маҳсулотлар таннархи юқорилигидир. Шу боис мутасаддиларга давлат улуши бўлган барча корхоналарда маҳсулот таннархини таҳлил қилиб, қувватларни модернизация қилиш ва кенгайтириш, зарур ҳолларда хусусий секторга бериш бўйича вазифалар қўйилди.
Келгуси йилда 153 та йирик инвестиция лойиҳасини шунчаки фойдаланишга топшириш эмас, балки рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариб, ялпи ички маҳсулот ҳажми ва иш ўринларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Охирги йилларда ташкил этилган 23 та корхона паст қувватларда ишлаётгани, режалаштирилган айрим лойиҳалар ўз вақтида фаолият бошламагани танқид қилинди.
Вазирлар Маҳкамасига иқтисодий ўсиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган, бюджетга тушумларни кўпайтирадиган инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга масъул бўлган доимий Ишчи комиссия тузиш, инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ижросини муҳокама қилиб бориш бўйича топшириқ берилди.