ТОШКЕНТ, 30 окт – Sputnik. Бугун 30 октябрь куни Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Samarkand Half Marathon” лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Samarkand Half Marathon 1-3 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Лойиҳанинг асосий мақсади – маданият ва санъат объектларининг ҳаммабоплиги ва инклюзивлиги муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантириш.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева тадбирда нутқ сўзлади.
“Самарқанд ярим марафони жамиятда фаол яшаш тарзи ғоясини илгари суради ва маданиятнинг барча учун, шу жумладан ногиронлиги бор инсонлар учун очиқлигини таъминлаш хайрли ғоясини қўллаб-қувватлайди", - деди Саида Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
"Айтиб ўтиш жоиз, бизнинг агентлигимиз ҳам шу йўналишда фаолият юритади. 2019-йилда биз Кўнгил Кўзи лойиҳаси йўл харитасини ишлаб чиқдик. У ногиронлиги бўлган инсонларни ижтимоий кўникмаси бўйича, кўзи ожиз ва яхши кўра олмайдиган инсонларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа адабиёт билан таъминлаш бўйича аниқ ҳаракатларни кўзда тутади”, - деб таъкидлади Саида Мирзиёева.
Тадбирда таъкидланганидек, ярим марафонда ҳам тажрибали, ҳам янги югурувчилар иштирок этиши мумкин -21 км, 10 км ва 2 км масофалар тақдим этилади.
Марафондан тушган маблағлар Тошкентдаги театрлардан бирида тажриба лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтирилади.
Марафончилар Самарқанддаги 18 та маданият объектлари олдидан ўтишади.